ТОШКЕНТ, 10 авг — Sputnik. Ўзбекистон элчиси Дилшод Аҳатов Ҳиндистон Савдо-саноат палаталари федерацияси (FICCI) бош котиби Шалеш Патҳак билан учрашди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистонда хорижий давлатлар ишбилармон доиралари вакиллари билан ҳамкорлик қилиш, уларнинг инвестициявий фаолияти учун яратилган қулай шароитлар, тақдим этилаётган имтиёзлар ва преференциялар, Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга ошираётган Ҳиндистон компанияларининг муваффақиятли тажрибаси ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди.
Икки мамлакатнинг инвестициявий, савдо-иқтисодий, илм-фан, таълим ва туризм соҳаларидаги алоқаларини янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Самарқанд шаҳрида жорий йил 7-8 сентябрь кунлари Ўзбекистон ва БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан ташкил этилаётган озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича юқори даражадаги халқаро конференция, 16-20 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган БМТ Жаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг 25-сессияси, йилнинг ушбу муҳим сайёҳлик анжумани доирасидаги Туризм инвестиция форуми каби халқаро тадбирларда фаол иштирок этишга чақирилди.
Ўз навбатида, Шалеш Патҳак жорий йил 18-20 октябрь кунлари Тошкентда ўтказиладиган 7-тўқимачилик ва мода саноати халқаро кўргазмасида бир гуруҳ ҳиндистонлик тадбиркорларнинг иштирок этиши ҳамда 1 август куни элчихона, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва FICCI вакиллари ўртасида ўтказилган онлайн-мулоқотда эришилган келишувга биноан Ўзбекистон-Ҳиндистон бизнес-форумини уюштириш бўйича тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилди.
Тадбирда Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонасида FICCI ва Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ушбу мамлакат етакчи компаниялари вакиллари билан учрашув ўтказиш, уларга Ўзбекистонда хорижлик тадбиркорларнинг инвестициявий фаолияти учун яратилган қулай шароитлар ҳақида маълумот тақдим этиш, янги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилишга келишиб олинди.