ТОШКЕНТ, 10 авг — Sputnik. Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов бошчилигидаги делегация Хитойга борди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, амалий сафарнинг илк кунида делегация аъзолари Хитойнинг Чунсин шаҳри Шапинба туманида бўлишди.
Чунсин шаҳрига ташриф давомида Ўзбекистон вакиллари “Chongqing International Logistics Hub Park” логистика маркази ва “Chongqing Railway Port”ининг автомобиль импорти ва импорт қилинадиган гўшт маҳсулотлари назорат маркази билан танишди. Шунингдек, делегация аъзолари “Dry Port Of the New Western Land-Sea Corridor”да бўлиб, логистика имкониятларини кўздан кечирди.
Учрашувлар натижасида “Chongqing International Logistics Hub Park” ва Навоий эркин иқтисодий зонаси ўртасида Навоий ЭИЗ ҳудудидан “логистик хаб” ташкил этишга келишиб олинди.
“Chongqing International Logistics Hub Park” маркази дунёнинг 100 та давлатидаги 300 та логистика марказлари билан ҳамкорлик ўрнатган. Марказнинг йиллик савдо айланмаси 20 миллиард АҚШ долларига тенг.