ТОШКЕНТ, 10 авг — Sputnik. Жорий йилнинг 3 сентябрь куни Ўзбекистоннинг 16 та шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган “Янги нафас” оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтади. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.
Бугун Ўзбекистон енгил атлетика федерациясида мазкур тадбирга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Таъкидланишича, мазкур оммавий югуриш мусобақаси Тошкент, Нурафшон, Гулистон, Андижон, Наманган, Фарғона, Жиззах, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Қоровулбозор, Термиз, Қарши, Ғузор, Хива ва Нукус шаҳарларида бўлиб ўтади.
Пойтахтда иштирокчилар 3 ва 10 км масофаларга югуришса, қолган ҳудудларда фақат 3 км масофадаги баҳслар ташкил қилинади. Бу галги тадбир ҳам “Бир ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда – бирга югурамиз!” шиори остида ўтказилади.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бу йилги баҳсларга Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон каби қўшни мамлакатлардан ҳам спортчилар таклиф этилган. Ҳисоб-китобларга кўра, пойтахтда 5500, қолган ҳар бир шаҳарда камида 2000 нафар иштирокчи бўлажак пойгада қатнашиши кутилмоқда.
Тошкент шаҳрида ўтказиладиган пойгаларда иштирок этишни истаган кўнгиллилар “Iticket.uz” платформаси орқали рўйхатдан ўтишлари мумкин. 3 км масофадаги пойгада 9, 10 кмга кечадиган беллашувларда эса 14 ёшдан катта бўлган барча қатнаша олади. Пойгалар 3 сентябрь куни соат 06:30 да 16 шаҳарда старт олади.