Эквадорда президентликка номзод ўлдириб кетилгандан сўнг фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Президентликка номзод Фернандо Вильявисенсио Китода 9 август куни кечки пайт бўлиб ўтган сайловолди тадбиридан сўнг ўлдирилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 авг — Sputnik. Эквадор президенти Гилермо Лассо президентликка номзод Фернандо Вильявисенсио ўлдириб кетилгандан сўнг мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилди.
“60 кунга фавқулодда ҳолат эълон қиламан. Қуролли кучлар фуқаролар хавфсизлиги, мамлакат тинчлиги, озод ва демократик сайловларни кафолатлашлари учун шу фурсатдан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб сафарбар қилинган”, - деди Лассо миллатга йўллаган мурожаатида.
Бундан ташқари, Эквадор етакчиси уч кунлик миллий мотам тўғрисидаги фармонга имзо чеккан.
Вильявисенсио Эквадор пойтахтида 9 август куни кечки пайт бўлиб ўтган сайловолди тадбиридан сўнг ўлдирилди. Яна камида тўққиз киши яраланган. Мамлакат Бош прокуратурасининг маълум қилишича, қотилликни уюштиришда гумон қилувчилардан бири отишма пайтида яраланган ва кўп ўтмай вафот этган.
Эквадорда муддатидан илгари президент ва парламент сайловлари 20 август куни бўлиб ўтади.