Ўзбекистонда “Док-1 Макс”дан заҳарланиш оқибатида 65 нафар бола вафот этган

Эртага “Док-1 Макс” билан боғлиқ жиноят иши бўйича очиқ суд жараёни бўлиб ўтади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 авг — Sputnik. Ўзбекистонда “Док-1 Макс” билан боғлиқ жиноятлар оқибатида 65 нафар ёш бола вафот этган. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Эртага, 11 август куни “Док-1 Макс” билан боғлиқ жиноят иши бўйича очиқ суд жараёни бўлиб ўтади. У Тошкент шаҳар судида соат 10.00 да бошланади. Унда “Quramax Medikal” МЧЖ директори, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ва бошқаларга (жами 21 киши) оид жиноят иши кўриб чиқилади.
"Тасдиқланган айблов хулосасига кўра "Док-1 Макс” билан боғлиқ жиноятлар оқибатида 65 нафар ёш бола вафот этган", дейилади хабарда.
Айбланувчиларнинг 16 нафари эркак ва 5 нафари аёл бўлиб, уларнинг 7 тасига “қамоққа олиш”, 12 тасига “муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат” ва 2 тасига “гаров” тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.
Улар Жиноят кодексининг 184, 28,186-3, 186-3, 25,205, 205, 207, 28,209, 209, 210, 211, 212, 228-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ўзбекистонда “Док-1 Макс” сиропини истеъмол қилиш оқибатида 19 нафар бола вафот этганлиги маълум қилинганди. ССВ ишчи гуруҳи олиб борган дастлабки лаборатор ўрганишлар “Док-1 Макс” сиропининг таркибида этиленгликол мавжудлигини кўрсатган. Бу модда заҳарли бўлиб, тахминан 1-2 мл/кг 95 фоиз концентрланган эритмаси бемор саломатлигида жиддий ўзгаришларни келтириб чиқаради. Дори савдоси эса тўхтатилган.
Давлат хавфсизлик хизмати Тергов бошқармаси "Док-1 Макс" билан боғлиқ ҳолат бўйича “Quramax medical” ва “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” мансабдор шахсларига нисбатан жиноий иш очган.
Кўп ўтмай президент Шавкат Мирзиёев Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги раҳбари Сардор Кариевни ишдан ишдан олди.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Қизлархон Бегматова “Док-1 Макс” дори воситаси 2012 йилдан бери Ўзбекистонда қўлланиб келингани, лекин сўнгги сериясида унинг таркибидаги қўшимча моддалардан бири ўзгарганини маълум қилди.
Шу йилнинг 13 январь куни Тошкент суди “Quramax medical”га фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун берилган лицензиясини бекор қилди.