ТОШКЕНТ, 9 авг — Sputnik. Бугун соат 10:40 да Москва вилоятидаги Сергиев Посад шаҳридаги оптик-механик заводда (ЗОМЗ) кучли портлаш содир бўлди.
Маълум бўлишича, портлаш заводнинг пиротехника воситалари ишлаб чиқарувчи "Пиро-Росс"га ижарага берилган омборхонада содир бўлган. Воқеа оқибатида заводдаги цехлардан бири вайрон бўлган, иккинчиси қисман шикастланган, атрофдаги биноларда ойналар синган. Дастлабки хулосаларга кўра, портлаш юклаш-тушириш ишлари пайтида ёки ишлаб чиқариш технологияларининг бузилиши оқибатида содир бўлган бўлиши мумкин.
Сўнгги маълумотларга кўра, Сергиев Посаддаги портлаш натижасида 43 киши тан жароҳати олган, улардан олти нафарининг аҳволи оғир. Воқеа жойига 23 та тез тиббий ёрдам бригадаси, Табиий офатларга қарши курашиш ҳудудий марказининг бешта бригадаси ишламоқда, дея хабар беради Москва вилояти Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Яна беш нафари ҳалигача вайроналар остида қолган бўлиши мумкин. Айни дамда вайрон бўлган бино қолдиқлари остидан одамларни қидириш давом этмоқда.
"Сергиев Посаддаги заводга учувчисиз аппарат ҳужуми ҳақидаги версия ҳозирча оператив хизматлар томонидан тасдиқланмаган", - деди вилоят губернатори Воробьёв.
Сергиев Посаддаги портлашдан сўнг саноат хавфсизлиги талабларини бузиш бўйича жиноий иш қўзғатилди, деб хабар бермоқда Москва вилояти Тергов департаменти.