ТОШКЕНТ, 9 авг — Sputnik. Ўзбекистонда магистратурага қабул бўйича рад этилган аризаларни таҳрирлаш учун имконият берилмоқда. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, 2023/2024-ўқув йили учун давлат олий таълим муассасалари магистратурасига қабул бўйича “magistr.edu.uz” электрон тизими орқали онлайн рўйхатдан ўтган талабгорларнинг аризалари кўриб чиқилган.
Аризаларни кўриб чиқиш натижасида кўплаб мурожаатлар турли сабабларга кўра (танланган мутахассислик битирувчининг таълим йўналиши бўйича мос ёки турдош эмаслиги, сўралган ҳужжат ўрнига бошқаси юкланган ёки тўлиқ юкланмаган, ҳужжатлар сифатсизлиги ва ҳоказо) рад этилган.
Шуни инобатга олиб, давлат олийгоҳлари магистратурасига ўқишга кириш учун онлайн ариза юборган, лекин аризаси рад этилган талабгорларга 9–10 август кунлари аризаларни қайта таҳрирлаш имконияти яратилди.
Рад этилган аризаларни таҳрирлаш учун 10 август куни соат 18:00 га қадар сўнгги имконият берилади. Ушбу муддатдан сўнг таҳрирлашга йўл қўйилмайди ва камчиликлар бартараф этилмаган аризалар кўриб чиқилмайди.
“Шуни алоҳида таъкидлаймизки, хорижий тилни билиш даражаси бўйича тегишли миллий ёки халқаро сертификати талаб даражасида бўлмаганлиги сабабли рад этилган аризаларни таҳрирлаш тавсия этилмайди, мазкур ҳолда қайта таҳрирланган аризалар кўриб чиқилмайди”, — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2023/2024 ўқув йили учун давлат ОТМларининг магистратура мутахассисликларига ўқишга кириш учун ҳужжатлар 30 июлга қадар қабул қилинди.