Володин: Зеленский Саакашвили тақдирини такрорлайди

Россия Давлат думаси раисининг сўзларига кўра, Вашингтон ва Брюссель қўғирчоқлари тақдири ҳамиша бир хил якунланади – улардан халос бўлишади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 авг — Sputnik. АҚШ ва Европа қўғирчоқлари тақдири ҳамиша бир хил якунланади, Украина президенти Владимир Зеленский турмага тиқилган Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили тақдирини такрорлайди. Россия Давлат думаси раиси Вячеслав Володин шундай фикр билдирди.

“Вашингтон ва Брюссель қўғирчоқлари тақдири ҳамиша бир хил якунланади – улардан халос бўлишади. Зеленский - галдагиси”, - дея ёзди Володин ўзининг Telegram-каналида.

Унинг таъкидлашича, Саакашвили фақат галстукни чайнаши билан ёдда қолган.
“У жамиятдан четлатилган, қамоққа тиқилган. Зеленскийни ҳам худди шу кутиб турибди”, - дея қўшимча қилган Россия Давлат думаси спикери.
Володин 2008 йил 8 август куни Грузия президенти бўлган Саакашвили Жанубий Осетияга ҳужум қилиш тўғрисида буйруқ берганини эслатган. Уни ЕИ ва НАТО қўллаб-қувватлаган, молиялаштирган, қурол-яроғ билан таъминлаган, ҳарбийларни ўқитган.
“Тарих такрорланяпти, бироқ энди Зеленский билан”, - дея аниқлик киритган россиялик сиёсатчи.
Володиннинг таъкидлашича, энди Саакашвили Грузия президенти бўлган чоғларида содир этган жиноятлари учун жазони ўтаяпти.