ТОШКЕНТ, 8 авг — Sputnik. Тошкент шаҳри Миробод туманида 17 ёшли қизнинг орқасидан келиб, унга ташланган эркакка нисбатан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби хабар берди.
8 август куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида О.О. (1997 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, ишсиз, муқаддам судланмаган)га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланган.
Суд ҳукмига мувофиқ О.О. Жиноят кодексининг 25,118-моддаси (Номусга тегишга суиқасд қилиш) 3-қисми "а" бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Маҳкум жазони умумий тартибли колонияда ўтайди.
Эслатиб ўтамиз, бу эркак 19 апрель куни 2005 йилда туғилган З.Б.нинг орқасидан келиб, қучоқлаган, унга нисбатан номақбул ҳаракат қилган эди. Кейин эса воқеа жойидан қочиб кетган эди.