Россия ўз шартларида сулҳга эришади - Медведев

Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари мамлакат ўз мақсадларига эриши учун кучи етарли эканини таъкидлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 авг — Sputnik. Бутун НАТО деярли очиқчасига Россияга қарши жанг қилмоқда, бироқ махсус ҳарбий операциянинг барча вазифаларини ҳал қилиш ва ўз шартларида сулҳга эришиш учун Россиянинг етарлича куч-қудрати мавжуд. Бу ҳақда Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев маълум қилди.
Медведев 8 август куни (Грузия-Осетия можароси бошланган кун) ўзининг Telegram-каналида янги пост эълон қилди.

“Ўшанда АҚШ ва унинг вассалларининг тажрибаси аниқ етишмади. Бугун улар Россияни ер юзидан йўқ қилишга уриниб, яна ўзгалар қўли билан жиноий уруш олиб боришмоқда. Бизга қарши бутун НАТО тизими деярли очиқчасига жанг қилмоқда”, - дея ёзди Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари.

“Махсус ҳарбий операциянинг барча вазифаларини ҳал қилиш учун бизнинг кучимиз етарлича. 2008 йил августида бўлгани каби душманларимиз яксон қилинади, Россия эса ўз шартларида сулҳга эришади. Ғалаба бизники бўлади”, - дея қўшимча қилган Медведев.
Шунингдек, у 15 йил олдин Россия Цхинвалга қилинган разилона ҳужумга қатъият билан жавоб қайтаргани, агрессорга қарши кескин зарба берганини эслатган.
2008 йил 8 августга ўтар кечаси Грузия Жанубий Осетияга қуролли ҳужум уюштирди. Россия ўша пайт кўпчилигини Россия фуқаролигини қабул қилган республика фуқаролари ва минтақада 1992 йилдан буён бўлган тинчликпарвар кучларини ҳимоя қилди. Беш кун давом этган жанговар тўқнашувлардан сўнг Россия Грузия ҳарбийларини минтақадан сиқиб чиқарди. 2008 йил 26 август куни Россия Жанубий Осетия ва Абхазия мустақиллигини тан олди.