ТОШКЕНТ, 8 авг — Sputnik. Қозоғистонда Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилди, дея хабар берди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси.
Остона шаҳри марказида буюк ўзбек шоири, давлат арбоби Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилди.
“Баландлиги тўрт метрдан ортиқ бўлган мазкур ҳайкал Ўзбекистон халқ рассоми, ҳайкалтарош Жасвант Анназаров томонидан яратилди ва Остона шаҳрида ўрнатилди”, - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари икки мамлакат делегацияларининг кенгайтирилган таркиби билан музокаралари давомида Остона шаҳри марказида буюк ўзбек шоири, давлат арбоби Алишер Навоий ҳайкалини ўрнатиш бўйича қарор қабул қилинган эди.
Бугунга қадар Алишер Навоий ҳайкали Токио, Шанхай, Вашингтон, Москва, Минск, Боку, Мозори Шариф, Ўш, Душанбе, Сеул каби шаҳарларида қад ростлаган.