ТОШКЕНТ, 8 авг — Sputnik. Ўзбекистонлик меҳнат мигранти Россиянинг Нижневартовск шаҳрида ўтказилган мусобақада ғолибликни қўлга киритди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
Жорий йилнинг 1 август куни “Газпромнефть-Снабжение” МЧЖ томонидан Нижневартовск шаҳрида “Касбий маҳоратнинг очиқ танлови” мусобақаси ташкил этилди. Унда “Газпромнефть-Снабжение” МЧЖ ҳайдовчиси, Навоий вилоятининг Қизилтепа шаҳридан бўлган Миршод Тошев “Юк ташувчи автомобилнинг энг яхши ҳайдовчиси” (“Лучший водитель погрузчика”) номинациясида фахрли иккинчи ўринга сазовор бўлди.
Мусобақада Россиянинг нефть ва газ пойтахтлари ҳисобланувчи Ямало-Ненецк ва Ханти-Мансийк автоном округларидан “Газпромнефть-Снабжение”, “Югра-Автотранс”, “Стек”, “Магнум” каби 10 дан ортиқ йирик ширкатлардан 100 нафар ҳайдовчи қатнашди.
Миршод Тошев нафақат ўзбекистонлик ва Марказий Осиёлик меҳнат муҳожирларини, балки маҳаллий ҳайдовчиларни ҳам ортда қолдирган.