ТОШКЕНТ, 8 авг — Sputnik. Қозоғистоннинг “Оймаша” полигонида Ўзбекистон-Қозоғистон Мудофаа вазирликларининг ҳамкорликдаги махсус-тактик ўқуви бошланди, деб хабар қилди Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати.
Таъкидланишича, бугун дунёда кечаётган қуролли тўқнашувлар қўшинларда жанг олиб боришнинг замонавий усул ва услубларини амалиётда кенг қўллаш, бошқа давлатлар армияси билан тажриба алмашиш, содир бўлиши мумкин бўлган турли кескин вазиятларга доимо шай туриш, энг сўнгги технологиялар ёрдамида кўникмаларни мунтазам ошириб боришни тақазо этмоқда.
“Мазкур ҳамкорликдаги тактик ўқувда ҳам бошқа давлатлар армияси билан тажриба алмашиш, содир бўлиши мумкин бўлган турли кескин вазиятларга доимо шай туриш, энг сўнгги технологиялар ёрдамида ҳарбий хизматчилар кўникмаларини мунтазам оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти”, - дейилган хабарда.
Ўқувлар доирасида ҳарбий хизматчилар мажмуавий-тактик ҳамда узоқ масофага юриш машқи, жисмоний тайёргарлик, 45 километр масофага тўлиқ жанговар ҳолатни қабул қилган ҳолатда югуриш, тактик-тиббий тайёргарлик синовларидан ўтади.
Эслатиб ўтамиз, май ойида Тошкент ҳарбий округининг "Ангрен" дала ўқув майдонида Ўзбекистон ва Қозоғистон Қуролли кучлари махсус бўлинмаларининг ҳамкорлигидаги "Қалқон-2023" махсус-тактик ўқувлари бўлиб ўтган эди.