Бугун ўзбекистонлик футзалчилар Россия терма жамоасига қарши ўйнайди

Минскдаги “Уруче” спорт саройида Ўзбекистон–Россия ўйини ўтказилиши режалаштирилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 авг — Sputnik. Бугун ўзбекистонлик футзалчилар Россия терма жамоасига қарши ўйнайди, дея хабар берди Футбол Ассоциацияси.
Беларусда II МДҲ ўйинлари давом этмоқда. Бугун Минскдаги “Уруче” спорт саройида Қирғизистон–Озарбайжон, Ўзбекистон–Россия ўйинлари ўтказилиши режалаштирилган.
Шундай қилиб, Тошкент вақти билан соат 21:30 да Ўзбекистон–Россия ўйини бўлиб ўтади.
Шунингдек, бугун мусобақа иштирокчилари бокс, волейбол, гандбол, енгил атлетика, соҳил футболи, ўқ отиш, оғир атлетика каби спорт турлари бўйича баҳс олиб боришади.
II МДҲ ўйинларида медаллар хажми бўйича Ўзбекистон 3-ўринда кетмоқда. Ҳозирга қадар, спортчилар 7 та олтин, 11 та кумуш ва 14 та бронза медалини қўлга киритишга улгуришди. Ўзбекистонда умумий ҳисобда 33 та медаль бор. Мусобақада энг кўп медалларга россиялик спортчилар (104) эга чиқишди. Беларусь жамоалари эса 72 та медаль билан икки ўринда бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, МДҲ ўйинлари 4-14 август кунлари бўлиб ўтади. Ўйинлар Беларуснинг 11 та шаҳрида спортнинг 21 тури бўйича ўтказилади. МДҲ ўйинларида 3 мингга яқин спортчи, мураббийлар, ҳакамлар, тиббиёт ходимлари ва бошқалар иштирок этмоқда. Ўйинларда Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон спорт делегациялари иштирок этмоқда.