Олтойда музлик пушти тусга кирди — видео

Олтойда сув ўтларининг гуллаши сабабли музлик пушти ва қизил рангга ўзгарди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 авг — Sputnik. Олтой Республикасида сув ўтлари гуллаши туфайли музлик пушти ва қизил рангга ўзгарди. Бу ҳақда Томск давлат университети хабар берди.
Олтой тоғларидаги Актру музликлари гуруҳини ўрганаётган Томск давлат университети олимлари яқинда ўтказган экспедиция чоғида Водопадний музлигида камдан-кам учрайдиган ҳодиса – сув ўтларининг катта гуллашини аниқлади.
Айтилишича, бу ҳодиса музнинг рангига таъсир қилган, у пушти ва қизил рангга ўзгарган.
Олимларнинг таъкидлашича, улар 10 йилдан ортиқ вақт давомида музликларда қизил сув ўтларнинг бундай катта тўпланишини кўришмаган.
“Тахминларга кўра, бундай оммавий ҳодисанинг сабаби бу қишда Олтой тоғларида тушган ва қизил сув ўтлари учун қулай гуллаш давригача сақланиб қолган жуда катта миқдордаги қордир”, дейилади хабарда.
Мутахассислар бу ҳодиса эриш жараёнини тезлаштириши мумкинлигидан хавотирда. Қўшимча қилинишича, музликларнинг эриши иқлим ва атроф-муҳитнинг глобал ўзгаришининг асосий кўрсаткичларидан биридир.