ТОШКЕНТ, 7 авг — Sputnik. Тиббиёт фанлари номзоди, терапевт Иван Ромасов қуёшдан куйиш оқибатида нималар қилиш мумкин эмаслигини айтди.
Мутахассиснинг фикрига кўра, қуёш нурларидан куйгандан сўнг нима қилиш бўйича халқ орасида юрадиган маслаҳатларга қулоқ солиш керак эмас. Яъни куйган терига қаймоқ, кефир ёки бошқа сут-қатиқ маҳсулотларини суртиш мумкин эмас.
“Бу маҳсулотларнинг фойдали хусусиятлари ҳақидаги афсоналар жуда бўрттирилган. Сут-қатиқ маҳсулотлари таркибидаги ёғлар куйган терида патологик бактерияларни кўпайтириш учун идеал муҳит яратади. Бироқ назарий жиҳатдан кам ёғли сут-қатиқ маҳсулотлари ёрдам бериши мумкин”, — иқтибос келтирди “Доктор Питер” нашри мутахассис сўзларидан.
Ромасовнинг таъкидлашича, турли малҳамлардан фойдаланиш, муз қўйиш, куйган жой устидан тор кийим кийиш, куйишдан пайдо бўлган пуфакчаларни тешиш, терини кўчиришга ҳаракат қилиш, терини қуритадиган совун ва бошқа маҳсулотлар, шунингдек, декоратив косметика воситаларидан фойдаланиш ҳам вазиятни оғирлаштириши мумкин.
Қуёшдан енгил куйишни даволаш учун шифокор совуқ душ қабул қилишни, терига намловчи восита суртишни, кўпроқ сув ичишни, куйган жойни қалин мато билан ёпишни ва оғриқ қолдиришга парацетамол ёки ибупрофен дорисини қабул қилишни тавсия қилади.