ТОШКЕНТ, 7 авг — Sputnik. Ўзбекистонлик дзюдочи Музаффарбек Тўрабоев Венгрия мезбонлик қилаётган “Мастерс” турнирида -100 кг вазн тоифасида ғалаба қозониб, ўзбек дзюдоси учун 12 йил кутилган олтин медални тақдим қилди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси маълум қилди.
Мусобақани икки карра Олимпиада ва жаҳон чемпиони Лукаш Крпалек устидан қозонилган ғалаба билан бошлаган Тўрабоев чемпионлик йўлида Шейди Элнахас (Канада), Михаел Коррел (Нидерландия), Боян Досен (Сербия) ва Петер Палтчик (Исроил) каби спортчиларни доғда қолдирди.
Шунингдек, кеча -90 кг вазн тоифасида иштирок этган Давлат Бобонов бронза медалига сазовор бўлди. Ушбу муваффақият эвазига Тўрабоев 1800, Бобонов 900 рейтинг очкосига эга бўлди.
Йилда бир бора ўтказиладиган “Мастерс” мусобақасида ўзбекистонлик спортчилардан сўнгги бор Ришод Собиров 2011 йилда ғалаба қозонган.
Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси бу йилги турнирни 1 та олтин ва 2 та бронза медаллари билан якунлади. Мусобақанинг биринчи кунида Диёра Келдиёрова -52 кг вазн тоифасида шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олган эди.