Мирзо Улуғбек туманидаги кўп қаватли уйда ёнғин содир бўлди

Ёнғин натижасида 15 кв.м майдонда уй-жиҳозлари ёниб зарарланган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 авг — Sputnik. Кеча, 6 август куни, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги кўп қаватли уй хонадонларининг бирида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.
Таъкидланишича, кеча соат 18:59 да Мирзо Улуғбек тумани “Бешкапа” МФЙ Буюк Ипак Йўли кўчасида жойлашган кўп қаватли уй хонадонларининг бирида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида ФВБга хабар тушган.
Шунга кўра, ёнғинга соат 19:06 да етиб борилиб, соат 19:25 да ўчирилган.
Ёнғинни бартараф этишга 3 та ёнғин-қутқарув экипажи, 1 та автонарвон ва 1 та ёнғин-қутқарув отряди бўлинмаси жалб этилган.
Ёнғин натижасида 15 кв.м майдонда уй-жиҳозлари ёниб зарарланган. Ёнғин ўчириш жараёнида ушбу уй қаватларидан 20 нафар фуқаролар қутқарувчилар томонидан хавфсиз жойга эвакуация қилинган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ.