ТОШКЕНТ, 7 авг — Sputnik. Дамашқ атрофида Исроил ҳаво ҳужуми натижасида тўрт нафар суриялик ҳарбий ҳалок бўлди. Бу ҳақда Сурия Мудофаа вазирлиги хабар берди, дея ёзади РИА Новости.
“(Ҳужум. –таҳр.) тўрт нафар ҳарбий хизматчининг ҳалок бўлишига ва яна тўрт нафарининг жароҳатланишига олиб келди ҳамда моддий зарар етказди”, — дейилади вазирлик хабарида.
Араб Республикаси Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари ракета ҳужумларини “босиб олинган Голан тепаликлари томонидан Дамашқ шаҳри яқинидаги бир нечта объектларга қарши амалга оширилган”.
“Бизнинг ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларимиз душман ракеталарини тутиб олди, уларнинг бир қисмини уриб туширди”, — дейилади ҳарбий вазирлик хабарида.
Исроил армияси Суриядаги турли нишонларга мунтазам равишда ҳаво ҳужумларини уюштирмоқда. Хусусан, Дамашқ, Ҳалаб, Тартус порти ва Масяф шаҳридаги тадқиқот маркази ўққа тутилган. Россиянинг БМТдаги доимий вакилининг биринчи ўринбосари Дмитрий Полянский таъкидлаганидек, Сурия ҳукумати Исроил ҳужумлари туфайли бир неча бор ташкилот бош котибига мурожаат қилган, бироқ Антониу Гутерришдан ҳеч қандай муносабат билдирилмаган. Москва буни номақбул деб ҳисоблайди.