ТОШКЕНТ, 6 авг — Sputnik. Қорақалпоғистон республикасида ўтган йилнинг июнь ойидаги оммавий тартибсизликларни бартараф этишда ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этган Ўзбекистон республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимида ишлаган ходимлар жиноий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Олий суд расмий каналида хабар берилди.
Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар судининг 2023 йил 4 августдаги ҳукми билан 1996 йилда туғилган Т. А. ва 1985 йилда туғилган Х. С. Жиноят кодексининг 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди. Уларнинг ҳар бирига 2 йил муддатга ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шунингдек, 1979 йилда туғилган Ж. М. Жиноят кодексининг 117-моддаси (хавф остида қолдириш) 2-қисми ва 238-моддаси (ёлғон гувоҳлик бериш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди. Унга 1 йил муддатга ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Биринчи инстанция судининг ушбу ҳукмидан норози томонлар қонунчиликда белгиланган тартибда Бухоро вилоят судига апелляция тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинди.