ТОШКЕНТ, 5 авг — Sputnik. Ўзбекистонда ёввойи ҳайвонларни уйда сақлаш тақиқланади. Бу бўйича Олий Мажлис Сенатининг 43 ялпи мажлисида маълум қилинди.
Қайд этилишича, амалдаги қонунчилик ҳужжатларида фуқаролар томонидан ёввойи йиртқич ва заҳарли ҳайвонларни уй шароитида сақлаш масаласи ҳуқуқий тартибга солинмаган.
Сенаторлар “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуннинг 43-моддасига (ёввойи ҳайвонларни ярим эркин шароитларда, сунъий равишда яратилган яшаш жойларида ёки тутқунликда сақлаш) киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни маъқуллашди.
Мазкур ўзгартириш жисмоний шахслар томонидан сақлаш тақиқланган ёввойи ҳайвонларнинг рўйхатини, шунингдек, юридик шахслар томонидан ушбу ҳайвонларни сақлаш тартибини белгилайди.
“Рўйхатга ёввойи ҳайвонларнинг 66 дан ортиқ турлари, жумладан, ҳашаротлар, балиқлар, заҳарли илонлар, айиқлар оиласининг барча кенжа турлари, йўлбарслар, тимсоҳлар, лочинлар, ёввойи мушуклар, бўрилар, шоқоллар, тулкилар, орангутанлар, шимпанзелар ва бошқа кўплаб ҳайвонлар киради”, дея хабар берди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги.
Қонун билан ёввойи ҳайвонларни сақлашни тартибга солиш мақсадида жисмоний шахслар томонидан сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонларнинг рўйхати, шунингдек рўйхатга киритилган ёввойи ҳайвонларни юридик шахслар томонидан сақлаш тартибини белгилаш Вазирлар Маҳкамасининг зиммасига юклатилмоқда.
Маълумот учун, 2022 йилда ёввойи ҳайвонларнинг одамларга ҳужуми билан боғлиқ 2 та ҳолат қайд этилган. Хусусан, 2022 йилнинг 7 апрель куни Тошкент вилоятида шер боласи 3 ёшли болага ҳужум қилиб, оғир жароҳат етказган.