Ўзбекистонда “Ёнғиндан огоҳлик” умуммиллий кампанияси амалга оширилади

2024 йил 1 январдан бозорлар ва савдо комплексларига тегишли бино ва иншоотларни ёнғин ҳамда бошқа хатарлардан мажбурий суғурталаш тартиби жорий этилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 авг — Sputnik. “Ёнғиндан огоҳлик” умуммиллий кампанияси амалга оширилади. Бу ҳақда Ҳукуматнинг 332-сонли қарорида назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, таълим ташкилотларида ёнғинларнинг олдини олиш ва ёнғин содир бўлган вазиятда ҳаракат қилиш бўйича батафсил услубий машғулотлар ўтказилади.
Давлат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа ташкилотларда иш жойларида ёнғин хавфсизлиги бўйича ўқитиш ташкил этилади. Шунингдек, жамоат жойларида, таълим ташкилотларида, иш жойларида ва турар жой комплексларида ўт ўчириш бўйича амалий машғулотлар ўтказилади.
"2024 йилдан умуммиллий кампания доирасида ҳар бир ҳудудда тадбиркорлар ўртасида “Ёнғин хавфсизлиги аълочиси” танлови ўтказилади", дейилган ҳужжатда.
Мазкур танлов ғолибига 100 миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади ҳамда унинг фаолияти 2 йил давомида давлат ёнғин назорати органлари томонидан текширилмайди.
2024 йил 1 январдан жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бино ва иншоотларнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини мустақил баҳолаш тартиби (ёнғин аудити) жорий этилади.
2023 йил 1 сентябрдан Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг давлат ёнғин назорати органларига қуйидаги ваколатлар берилади:
ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган объектларда:
бир йилда кўпи билан бир мартадан батафсил (дастлабки) текширув ва назорат текширувини ўтказиш;
жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва бошқа манбалардан олинган маълумотлар асосида тезкор текширувлар ўтказиш;
бир вақтнинг ўзида 50 нафардан кўп одам тўпланадиган объектларда (бозорлар, савдо-кўнгилочар мажмуалари, умумий овқатланиш корхоналари ва бошқалар) давлат ёнғин назорати органлари томонидан ҳар чоракда камида бир маротаба мониторинг ва профилактика тадбирларини ўтказиш.
2023 йил 1 ноябрдан давлат ёнғин назорати органларининг ижобий хулосасини олмасдан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини аукционга чиқариш, қурилиш объектлари лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш ҳамда қурилиш-монтаж ишлари тугалланган объектлардан фойдаланиш учун рухсатнома бериш тақиқланади.
Бунда давлат ёнғин назорати органлари томонидан хулоса бериш муддати 7 кун этиб белгиланади.
2024 йил 1 январдан бозорлар ва савдо комплексларига тегишли бино ва иншоотларни ёнғин ҳамда бошқа хатарлардан мажбурий суғурталаш тартиби жорий этилади.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг мулкини ёнғин ва табиий офат оқибатида етказиладиган зарардан ҳимоя қилиш мақсадида, бозорлар ва савдо комплексларига тегишли бино ва иншоотлар мулкдорларининг жавобгарлиги ҳам мажбурий суғурталанади.
Шунингдек, 2023 йил 1 ноябргача текширувлар жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш ва тезкор ахборот алмашинувини йўлга қўйиш ҳисобидан давлат ёнғин назорати инспекторларининг фаолиятини такомиллаштириш имконини берувчи “E-inspektor” аппарат-дастурий мажмуаси жорий этилади.