ТОШКЕНТ, 5 авг — Sputnik. Фарзанди ёки турмуш ўртоғи учун контракт тўлайдиган шахслар солиққа тортилмайди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, профессионал ва олий таълим ташкилотларига жисмоний шахслар ўзи ва фарзандлари, шунингдек 26 ёшга тўлмаган турмуш ўртоғининг таълим олиши учун йўналтирган иш ҳақи ва бошқа даромадлари солиққа тортилмайди.
“Мазкур имтиёз ўқиш учун тижорат банклари томонидан ажратилган таълим кредитларини (фоизлари билан) қоплашга нисбатан ҳам қўлланилади”, дейилади хабарда.
Агар сиз таълим учун ёки олинган таълим кредитини (фоизлари билан) қоплаш учун маблағларни профессионал ва олий таълим ташкилотларига ёки тижорат банкига иш берувчи томонидан ўтказиб берилишини ва бу маблағларингизга солиқ солинмаслигини истасангиз, у ҳолда тегишли ариза билан иш берувчига мурожаат этишингиз лозим.
Бунда, қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши керак:
талаба билан Ўзбекистон профессионал ёки олий таълим ташкилотлари ўртасида тўлов-контракт асосида ўқитиш тўғрисида тузилган шартнома (шартномалар) нусхаси;
тижорат банки билан таълим кредитини олиш учун тузилган шартнома (шартномалар) нусхаси.
Агар сиз олдинги йилларда ишлаган бўлсангиз, шартнома суммасини ўзингиз мустақил равишда тўлаган бўлсангиз, доимий яшаш жойидаги солиқ органига жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация ва тегишли ҳужжатларни топшириш орқали тўланган даромад солиғини қайтаришингиз мумкин.
Бунда, қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши керак:
талаба билан Ўзбекистон профессионал ёки олий таълим ташкилотлари ўртасида тўлов-контракт асосида ўқитиш тўғрисида тузилган шартнома (шартномалар) нусхаси;
тижорат банки билан таълим кредитини олиш учун тузилган шартнома (шартномалар) нусхаси;
Ўзбекистон профессионал ва олий таълим ташкилотлари ҳисоб рақамига (таълим кредитини (фоизлари билан) қоплаганда тижорат банки ҳисоб рақамига) пул маблағларини мустақил тўлаганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси.
Таълим учун йўналтирилган маблағлар миқдори жами йиллик даромаддан ортиқ бўлса, бошқа оила аъзоси (ота/она, эр/хотин) солиқ тўланган сумманинг қолган қисмидан олинган даромад солиғини худди шу тарзда қайтариши мумкин. Бунда, у аввал имтиёз қўлланилган сумма миқдори тўғрисидаги маълумотнома тақдим этилиши керак.
Агар турли ҳудудлардаги давлат солиқ органларида рўйхатдан ўтган бўлинса, у ҳолда имтиёзни қўлламоқчи бўлган шахс бошқа ҳужжатлар билан бирга оиланинг қолган аъзолари ушбу имтиёзни ҳали қўлламаганлиги тўғрисида маълумотнома тақдим этади.