ТОШКЕНТ, 5 авг — Sputnik. Иссиқ ҳаво дори воситаларининг хусусиятларини ўзгартиради, дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Айтилишича, қуёш нурида қолиб кетган дорилар соғлик учун зарарли воситага айланиши мумкин.
Демак, антибактериал препаратлар, суртма ва геллар, гормонал дорилар, витаминлар, пластир ва тиббий шамчаларни иссиқдан ҳимоя қилиш лозим.
Кремлар, суртма, шамчалар иссиқликда эригач, доривор моддаларнинг ички таркибида қайта тақсимланиш содир бўлади ва ҳатто кейинги қайта совутиш ҳам уларни сақлай олмайди. Баъзи ҳолларда локал дозани ошириб юборишга олиб келиши ҳам мумкин.
Бундан ташқари дори, автомашиналардаги биринчи ёрдам тўпламларини ҳам эсдан чиқармаслик керак: уларни иссиқда ҳам, совуқда ҳам машинада қолдириб бўлмайди.
“Ҳамма дори воситасини совиткичда сақлаш нотўғри!”, дейилади хабарда.
Хона ҳарорати деганда одатда 15-25 градус шунингдек, иқлим шароитига қараб 30°С гача бўлган ҳарорат даражаси назарда тутилади. Бундай пайтда дори воситаларини тиббиёт қутичасида жамлаб шкафда сақлаш мақсадга мувофиқ.
8°дан 15° градусгача бўлган салқин ҳароратда айрим дори воситаларини совиткичда сақлашга рухсат берилади. Бунда 8°С паст ҳароратда физик-кимёвий хусусиятлари ўзгариши мумкин бўлган дори воситалари (дамламалар, суюқ экстрактлар ва бошқалар)ни совутгичда сақлаш мумкин эмас.
Дори воситаларини совуқ жойда сақлаш деганда совиткичда, 2°C дан 8°С гача бўлган ҳароратда сақлаш тушунилади.
“Бунда дори-дармонларни совутгичнинг деворига яқин жойда жойлаштириб, уларнинг музлаб қолишига йўл қўймаслик керак. Одатда шамчалар (свеча), турли кўз томчилар, линиментлар, инъекция эритмалари, фермент таблеткалари шу тарзда сақланади”, дея қўшимча қилинган хабарда.
Совиткичнинг бир токчасида дори воситалари ва озиқ-овқатлар ёнма-ён туриши қатъиян ман этилади.
Дори-дармонларни сақлашда ёруғлик ва намликдан ҳимоя қилиш каби талабларга ҳам эътибор бериш керак. Агар кўрсатмада "қоронғу жойда сақланг" деб айтилган бўлса, унда дори қадоғини ёруғликдан тўлиқ ҳимоя қилиш керак.
Қуруқ жойда ҳаво намлиги 50% дан ошмаслиги керак.