ТОШКЕНТ, 4 авг — Sputnik. Ўзбекистонлик спортчи Чарос Қаюмова Kimunyong Cup-2023" турнирида олтин медалга эга чиқди. Бу ҳақда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги хабар берди.
Корея Республикасининг Мужу шаҳрида 2-6 август кунлари таэвондо WТ бўйича халқаро "Kimunyong Cup" турнири ўтказилмоқда.
Мусобақа G 1 таснифида ташкил этилмоқда, унда ғолибликни қўлга киритган спортчилар 10 рейтинг очкосига эга бўлади.
Мазкур халқаро мусобақанинг кечаги беллашувларида Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Чарос Қаюмова (-53 кг) ҳам иштирок этди.
“Чарос ўз вазнидаги барча рақибларини енгиб, мусобақа ғолибига айланди”, дейилади хабарда.
Мазкур вазнда биринчи рақамли спортчи сифатида таснифланган Чарос олтин медаль билан биргаликда 10 рейтинг очкосига ҳам эга бўлди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Корея Республикаси мезбонлик қилган Осиё чемпионатидан сўнг таэквондочиларнинг янгиланган рейтинги эълон қилинган эди. Унда Чарос Қаюмова аёллар тасниф жадвалида илк бор пешқадамга айланган таэквондочига айланган.