Трамп 500 йилдан ортиқ муддатга қамоққа олиниши мумкинлигини айтди

Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 авг — Sputnik. АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп ўзига қўйилган айбловлар асосида 561 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
“АҚШ Адлия вазирлиги муттаҳам Жо (Байден) назорати остида яна менга қарши айбловлар қўйди. Ноқонуний йўллар билан айбловлар қўйилиши туфайли баъзи маълумотларга кўра, менга жами 561 йил қамоқ жазоси берилиши мумкин. Олти марта умрбод жазо”, — деб ёзган Трамп ўз тарафдорларига йўллаган мактубида.
Махсус прокурор Жек Смит аввалроқ Трампга бир нечта айбловлар қўйилганини эълон қилган эди. Собиқ давлат раҳбари 2020 йилги сайловда мағлуб бўлганидан кейин ғайриқонуний ҳаракатлар орқали ҳокимиятни сақлаб қолишга уринганликда айбланмоқда. Трамп 3 август куни Вашингтондаги судга келиши кутилмоқда.
Унинг тарафдорлари бу ноқонуний айбловлар бекор қилиниши ва сиёсатчи 2024 йилда бўлиб ўтадиган сайлов натижаларидан кейин Оқ уйга қайтишига ишонишади.
2021 йил 6 январда Трамп тарафдорлари Конгресс фаолиятини бир неча соатга тўхтатиб, Капитолийга ҳужум қилишган эди. Тартибсизликлар натижасида бир намойишчи ва бир полициячи ҳалок бўлган, яна уч киши зўравонлик билан боғлиқ бўлмаган сабаблар туфайли ҳалок бўлган. Намойишчилар бинодан чиқариб юборилгач, қонунчилар Байденнинг президентлик сайловидаги ғалабасини тасдиқлашган. Кейинчалик АҚШда ғалаёнда иштирок этганликда айбланиб, юзлаб ҳибсга олинганлар бўлган.