ТОШКЕНТ, 2 авг — Sputnik. Зияуатдин Заитов Қорақалпоғистон Республикаси Нукус тумани ҳокими этиб тайинланди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати хабар берди.
Заитов тайинловга қадар Нукус шаҳар бўйича ички ишлар органлари фаолияти мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган. Шунингдек, у Чимбой тумани ички ишлар бошқармаси бошлиғи, Қўнғирот тумани ҳокими, Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.
Нукус туманига шу вақтга қадар Умирбай Уснатдинов ҳокимлик қилиб келаётганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев 12 нафар туман ва шаҳар ҳокимларини ишдан олган эди. Хусусан, президент Амударё, Қўрғонтепа, Бухоро, Миришкор, Чироқчи, Хатирчи, Пайариқ, Оқолтин, Гулистон, Оққўрғон туманлари, Навоий ва Янгийўл шаҳарлари ҳокимларини лавозимидан озод қилиш бўйича топшириқ берган.