ТОШКЕНТ, 2 авг — Sputnik. Киев қишда Ғарб босими остида Москва билан сулҳ тузишга мажбур бўлади. Бу ҳақда “Welt” газетаси ёзмоқда.
Мақолада таъкидланишича, бу узоқ муддатли сулҳ бўлмайди. Можаро Корейс ярим оролидаги каби музлатиб қўйилади. Украинанинг НАТО ва ЕИга аъзолиги яқин истиқболда имконсиз бўлади. Хорижлик инвесторлар Украина иқтисодиётига сармоя киритиши даргумон.
Бундан ташқари, муаллифлар муваффақиятсизлик ҳарбийлар ва аҳоли орасидаги норозиликни кучайтиради деб ҳисоблашмоқда.
Нашрнинг ёзишича, Украина қарши ҳужуми қандай бораётганидан Ғарбнинг ҳафсаласи пир бўлган. Украина ҳарбийлари кучли ва кенг кўламли операциялар ўтказишга қодир эмасликлари аён бўлган.
Россия Мудофаа вазирлиги Украина 4 июндан буён муваффақиятсиз ҳужум қилишга уринаётганини маълум қилган. 11 июль куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Украина армияси қарши ҳужум бошлаганидан буён 26 мингдан зиёд кишисини йўқотганини айтган эди. Россия президенти Владимир Путин Украина ҳарбийлари бирор бир йўналишда муваффақиятга эриша олмаганини таъкидлаган.