ТОШКЕНТ, 2 авг — Sputnik. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Баҳрулло Раҳимов вафот этди, деб хабар берди Маданият вазирлиги.
Раҳимов Баҳрулло Мардиевич 1959 йил 10 апрелда Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида таваллуд топган. Маълумоти олий. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист. Драма театри актёри.
Раҳимов Баҳрулло Мардиевич Тошкент Давлат театр ва рассомчилик институтини кино ва драма актёрлиги факультетини (1976-1980) тугатгач, Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида фаолиятини кўрсата бошлаган.
Кўп қиррали актёр Раҳимов узоқ йиллар давомида 50 тадан ортиқ турли характердаги тарихий, замонавий асарларда бош ролларни ўйнаб келган.
Театрдаги 43 йиллик меҳнат фаолияти давомида Зиндонбон ва Дарвеш ("Улуғбек"), Амир Насруллоҳ ("Нодирабегим"), Амир Темур ("Самарқанднома"), Беҳбудий ("Беҳбудий"), Сулайхий (“Имом Бухорий”), Александр Македонский (“Қуёш фарзанди Спитамен”), Аваз (“Бир ўлиб кўрайчи”), Эдип ("Эдип"), Шайхулислом ва Темурнинг арвоҳи (“Мирзо Улуғбек”), Одам ато (“Қобил ила Ҳобил”), Бобо ("Кўчки"), Граф Глостер (“Қирол Лир”) каби ролларни маҳорат билан ижро этган.
Бахрулла Рахимов
© Минкультуры Узбекистана