Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси

Киев режими тунда Москвага 3 та дрон билан ҳужум уюштирди

Мудофаа вазирлиги: Украинанинг 3 та учувчисиз учоқларининг Москва ва Москва вилоятидаги объектларга зарба беришга уринишлари бартараф этилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 авг — Sputnik. Сешанба куни кечаси Киев режими Москвага 3 та пилотсиз учар аппарати билан ҳужум қилди, иккитаси уриб туширилди, яна бири радиоэлектрон кураш тизими орқали бостирилди ва Москва шаҳри ҳудудига қулади, деб хабар қилди Россия Мудофаа вазирлиги.

"1 августга ўтар кечаси Киев режими томонидан Москва шаҳри ва Москва вилоятидаги объектларга пилотсиз учар аппаратлари ёрдамида уюштирилган терактнинг олди олинди. Москва вилоятининг Одинцово ва Нарофоминск туманлари ҳудуди устида Украинанинг икки дрони ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ёрдамида йўқ қилинди", — дейилган хабарда.

Вазирлик хабарига кўра, радиоэлектрон кураш таъсиридан бошқарувни йўқотган яна бир дрон “Москва Сити” мажмуаси ҳудудига қулаган.
Аввалроқ Москва мэри Сергей Собянин дрон “Москва Сити” минораларидан бирига қулагани, яна бир қанчаси ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилганини маълум қилганди. Унинг аниқлик киритишича, натижада 150 квадрат метр майдондаги ойналар шикастланган, жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ.
Бу Киев режимининг Москвада теракт уюштиришга биринчи уриниши эмас: худди шундай уриниш ўтган якшанба куни ҳам қилинганди. Бир дрон ҳаво мудофааси томонидан уриб туширилди, иккитаси радиоэлектрон кураш тизимлари томонидан бостирилди ва “Москва Сити” мажмуаси ҳудудига қулади.