Россия ва Беларусь жанговар тайёргарлик марказлари қандай ишлаши маълум бўлди

Россия ҳарбий объектларини Барановичи ва Вилейкада жойлаштириш муддати 25 йилга узайтирилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 июл — Sputnik. Деярли барча турдаги қўшинлар учун Россия ва Беларусь ҳарбий хизматчиларининг қўшма тайёргарлиги бўйича жанговар-ўқув марказлари тузилиши мумкин, улар ҳарбий қисмлар базасида фаолият юритади. Бу ҳақда Россия ТИВ МДҲ мамлакатлари иккинчи департаменти директори Алексей Полишук РИА Новостига маълум қилди.
“Ҳозирда Иттифоқ давлатларининг ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшма чора-тадбирлар режаси амалга оширилмоқда, қўшинларнинг қўшма минтақавий гуруҳи фаолият кўрсатмоқда, икки давлат ҳудудида кенг кўламли қўшма машғулотлар мунтазам равишда ўтказилмоқда”, — деди Полишук.
Россия ҳарбий объектларини Барановичи ва Вилейкада жойлаштириш муддати 25 йилга узайтирилди. 2025 йилгача ҳарбий-техник ҳамкорлик дастури тасдиқланди, дея қўшимча қилди у.
Бундан ташқари, ҳарбий хизматчиларни қўшма тайёрлов бўйича жанговар-ўқув марказларини яратиш ва уларнинг фаолияти тўғрисидаги Россия-Беларусь келишувини ратификация қилиш жараёни якунланмоқда. “Беларусь келишувни июль ойида ратификация қилган”, — деб эслатди дипломат.
Полишукнинг таъкидлашича, ҳозирда деярли барча турдаги қўшинлар учун бундай марказларни яратиш имконияти кўриб чиқилмоқда. Улар Россияда ҳам, Беларусда ҳам ҳарбий қисмлар базасида фаолият юритади.
Июль ойи ўрталарида Беларусь президенти Александр Лукашенко Россия билан ҳарбий хизматчиларни биргаликда тайёрлаш бўйича жанговар-ўқув марказлари тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақидаги қонунни имзолади. Ҳужжат Белаусь ва Россиядаги ҳарбий қисмлар негизида жанговар тайёргарлик марказларини яратиш ва улардан фойдаланишни тартибга солади, уларнинг асосий вазифалари ва ушбу марказларни ҳар томонлама таъминлашни ташкил этишда мудофаа вазирликларининг ўзаро ҳамкорлиги тартибини белгилайди.