Мисрда "Ўткан кунлар" араб тилига таржима қилинмоқда

Мисрлик профессор “Ўткан кунлар” романининг араб тилига таржима қилиниши, нафақат Миср, балки бутун араб дунёсида илиқ кутиб олинишига ишонч билдирди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 июл — Sputnik. Мисрнинг “Айн Шамс” университети профессори, ёзувчи, таржимон Муҳаммад ал-Жибали Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романини араб тилига таржима қилишга киришди. Бу ҳақда "Дунё" АА Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонасига таянган ҳолда хабар бермоқда.
Июнь ойида Ўзбекистон президенти сайловини бевосита кузатган Муҳаммад ал-Жибали Тошкентда бўлгани чоғида Абдулла Қодирий уй музейида бўлган. Ёзувчининг набиралари билан учрашган. Бундан ташқари, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида суҳбатлар ўтказиб, ўзбек маданияти ва тарихи билан яқиндан танишган.
“Ўзбекистон заминида кечган учрашув ва суҳбатлар мисрлик профессорда ўзбек халқи ва адабиётига бўлган меҳрини янада кучайтирганига шубҳа йўқ – шундай сўнг у “Ўткан кунлар” романини илк маротаба араб тилига ўгиришга аҳд қилди”, - дейилади хабарда.
Муҳаммад ал-Жибалининг айтишича, ниҳоятда бой адабий меросга эга ўзбек адабиёти дурдоналари хорижий тилларга таржима қилинмагани уни ажаблантирган. Профессор “Ўткан кунлар” романининг араб тилига таржима қилиниши, нафақат Миср, балки бутун араб дунёсида илиқ кутиб олинишига ишонч билдирди. Бу ўзбек маданияти, минтақа тарихи, ўзбекона одоб-аҳлоқ билан Яқин Шарқ халқларини яқиндан танитишга мисли кўрилмаган даражада ҳисса қўшади.
Мутахассиснинг ишонч билан қайд этишича, араб тилининг синонимларга ниҳоятда бойлиги, ҳар бир ҳаракат ва ҳолатни турли усулларда тасвирлаш хусусияти, халқларнинг маданий-маънавий жиҳатдан яқинлиги романнинг ушбу таржимаси бошқа хорижий тиллардаги таржималаридан сезиларли даражада сифатли бўлишига ва бадиий гўзалликни сақлаб қолишга имкон беради.
Романдаги ўзбекона руҳни акс эттириш, таржима сифатини ошириш мақсадида таржима муаллифига мамлакатнинг Мисрдаги элчихонаси маданий масалалар бўйича атташеси Отабек Алимов ҳозирги пайтда Қоҳирада истиқомат қилаётган Ҳусан Абдумажидов, тақдир тақозоси билан болалик чоғларидан буён Саудия Арабистонида яшаб таҳсил олган ватандош, ёзувчи ва таржимон Саид Маҳмуд Косоний ва бошқа ҳамюртлар кўмаклашмоқда. Асардаги баъзи араб имлосида (эски ўзбек ёзуви) битилган атамаларни асл ҳолида сақлаб қолиш учун романнинг илк нусхаси Абдулла Қодирийнинг набиралари томонидан тақдим этилди.
“Ўткан кунлар”нинг араб тилига таржимаси романнинг 100 йиллиги арафасида 2024 йили тайёр бўлиши ва минтақадаги энг йирик ва нуфузли 55-Қоҳира халқаро китоб ярмаркасида тақдим этилиши режалаштирилмоқда.
Роман 1920 йиллар бошида ёзилган. 1922 йил илк бор “Инқилоб” журналида чоп этилган. 1926 йилда алоҳида китоб ҳолида нашр қилинган.
"Ўткан кунлар" романи асосида илк миллий мюзикл яратилди