ТОШКЕНТ, 31 июл — Sputnik. Россия разведкаси украиналиклар танкларни таъмирлаётган жойларни тезда топиб, йўқ қилмоқда, шу сабабли Украина Қуролли кучларида фронтда зирҳли техника кескин танқислиги юзага келмоқда, деди Марказий разведка бошқармасининг собиқ таҳлилчиси Ларри Жонсон Dialogue works YouTube-каналига берган интервьюсида.
"Украиналиклар ўз мамлакатида жанговар машиналарни таъмирлай олмаяпти, чунки россияликлар таъмирлаш устахоналарини портлатиши мумкин. Украиналиклар билишадики, РФ разведкаси улар жойлашган жойни тезда топади, шундан сўнг танклар асосий нишонга айланади", - деди зобит.
YouTube канали бошловчисининг таъкидлашича, Киев Польшага қайта тиклаш учун шикастланган техникани юборишга мажбур, бу кўп вақт талаб этади ва Украина Қуролли кучларининг фронт чизиғидаги жанговар қобилиятини сезиларли даражада пасайтиради.
4 июн куни Украина армияси Запорожье, Жанубий Донецк ва Артёмовск йўналишларида қарши ҳужумга ўтди. Киев Ғарб техникаси билан қуролланган НАТО томонидан ўқитилган бригадаларни, шу жумладан, кенг реклама қилинган "Leopard" танкларини жойлаштирди. Россия президенти Владимир Путин Украина Қуролли кучларининг олдинга силжиш уринишлари барбод бўлганини, душман қўшинлари тўхтатилиб, дастлабки позицияларига қайтарилганини таъкидлади.