ТОШКЕНТ, 29 июл — Sputnik. Ўзбекистон давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўришни бошлайди. Бу ҳақда 28 июль куни президент томонидан имзоланган тегишли қарорда назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастури тасдиқланди.
Қуйидаги тадбирларни ўтказиш белгиланди:
Мустақиллик байрамига бағишланган маънавий-маърифий анжуманлар;
“Уч авлод учрашуви” тадбирлари;
Очиқ мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар;
Миллий кино кунлари;
Гастрономик фестиваллар;
Сайиллар, маданият ва спорт тадбирлари.
Мазкур тадбирларни ўтказиш мақсадида илм-фан намояндалари, маданият ва санъат арбоблари, таниқли спортчилардан иборат тарғибот гуруҳлари ташкил этилади.
Шунингдек, байрам дастурларини тайёрлашга сценарист ва режиссёрлар, ёзувчи ва шоирлар, бастакор ва балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш ижрочилар, мақом ва бахшичилик санъати вакилларидан иборат ижодий гуруҳлар кенг жалб этилади.
Қуйидагиларга моддий ва маънавий ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирлари ўтказилади:
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийлар;
Меҳнат фахрийлари;
Нуроний отахон ва онахонлар.
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Меҳр дафтари”га киритилган ҳамда эътибор ва кўмакка муҳтож инсонлар.
Тошкент шаҳрида Мустақиллик байрамига бағишлаб ўтказиладиган театрлаштирилган концерт томошасининг дастури ва сценарийси ишлаб чиқилади.
Ўтказиладиган кўрик-танловлар:
“Она диёр ранглар жилосида”, “Ватан учун яшайлик!”, “Энг улуғ, энг азиз”
Мамлакат истиқлолини тараннум этувчи энг яхши қўшиқ ва мусиқа асарлари танловининг якуний босқичи.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда мустақилликнинг 31 йиллиги “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиор остида ўтказилган.