Августдан иш стажига эга бўлмаганларга бериладиган нафақа миқдори оширилади

Иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга, боланинг қонуний вакилига бериладиган нафақа миқдори 568 000 сўм этиб белгиланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 июл — Sputnik. Иш стажига эга бўлмаганларга бериладиган нафақа миқдори оширилади. Бу ҳақда президент томонидан имзоланган ПФ–120-сонли фармонда назарда тутилган.
Фармонга кўра, 2023 йил 1 августдан:
зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа миқдори – ойига 568 000 сўм;
иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда – ойига 568 000 сўм;
ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига бериладиган нафақа миқдори – ойига 568 000 сўм.
Шунингдек, боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори – ойига 568 000 сўм ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун – 198 000 сўм этиб белгиланади;
Қолаверса, боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори – ойига 568 000 сўм этиб белгиланиб, кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади.