Уй ҳайвонларига нисбатан эгаларининг жавобгарлиги аниқ белгиланади

Ҳужжатда унда уй ҳайвонларини рўйхатга олиш, чиплаш, қаровсиз ҳайвонларни сақлашга доир нормалар ўз аксини топган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 июл — Sputnik. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси “Ҳайвонларни шафқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилди.
Таъкидланишича, жамиятда ҳайвонларга, шу жумладан, уй ҳайвонлари ва қаровсиз ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатлари учраб турибди. Уларни чиплаш, идентификация, вакцинация ва стерилизация қилишнинг замонавий тизими йўлга қўйилмаган.
Кейинги пайтларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тирик мавжудотларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, уларни ваҳшиёна қийнаш ҳолатлари бот-бот кўзга ташланмоқда. Бу эса кенг жамоатчиликнинг кескин муҳокамаларига сабаб бўлмоқда.
Самарқандда итни сувга улоқтирган ва буни тасвирга олган шахслар жаримага тортилди
Қонун лойиҳаси билан соҳага оид ҳуқуқий муносабатлари тартибга солиш, уй ҳайвонларига нисбатан мулкдорларнинг жавобгарлигини аниқ белгилаш, тирик мавжудотларга нисбатан инсонпарварлик тамойилларини шакллантириш кўзда тутилган.
Шунингдек, унда уй ҳайвонларини рўйхатга олиш, ҳисобини юритиш, чиплаш, қаровсиз ҳайвонларнинг ҳисобини юритиш ва сақлашга доир нормалар ўз аксини топган.
Йиҳилишда лойиҳага уй ҳайвонларини эмлаш ва стерилизация қилиш, айрим шахсларни ҳайвонлари сақлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, ҳайвонларга бўлган муносабат соҳасида давлат ва жамоатчилик назоратини амалга оширишга доир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакатда 2,3 млн дан зиёд ит ва 46 мингдан зиёд мушук мавжуд. Жойларда уй ҳайвонлари эгалари томонидан рад этилиши, мушук ва итларнинг назоратсиз кўпайиши натижасида қаровсиз ҳайвонлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Маълумотларга кўра, аҳоли пунктларида ит ва мушук боқишнинг қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузурликлар сони 2021 йилда 10,5 мингтани ташкил этган бўлса, 2022 йилда бў кўрсаткич кескин ошиб 142,6 мингтага етган.
Шунингдек, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузурликлар сони 2020 йилда 105 та, 2021 йилда 190 та, 2022 йилда 325 дан зиёдни ташкил эган.
Шу билан бирга, ҳайвонлар томонидан инсонларга зарар етказиш, уларни тишлаш ҳолатлари ҳам ошиб бориб, 2021 йилда 44 минг, 2022 йилда эса 50 мингга яқин ҳолат қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳайвонларни қийноққа солиш ёки азоб бериш 990 мингдан 1 млн 650 минг сўмгача жаримага сабаб бўлади. Агар бу ҳолат маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, ва ҳайвонлар ўлимига ёки майиб бўлишига олиб келса, 16 млн 500 минг сўмгача жаримадан 6 ойгача озодликдан маҳрум қилишга сабаб бўлиши мумкин.