ТОШКЕНТ, 28 июл — Sputnik. Ўзбекистон ва Венгрия ўзаро сайёҳлик оқимини кўпайтириш мақсадида виза олиш тартибини соддалаштиришга келишиб олди. Бу ҳақда иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Венгрия ҳукуматлараро комиссиясининг саккизинчи йиғилишида маълум қилинди.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабарига кўра, йиғилиш доирасида икки мамлакатнинг 200 дан ортиқ ишбилармон ва расмий доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум ҳам бўлиб ўтди.
Ўзбекистон делегациясига вазир Лазиз Кудратов бошчилик қилган. Кудратов Венгрия ташқи ишлар вазири Петр Сийярто билан музокаралар чоғида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва саноат соҳаларида ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилган.
“Томонлар мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни фаоллаштириш мақсадида Тошкент ва Будапешт шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш, шунингдек, ўзаро сайёҳлик оқимининг ўсишига ижобий таъсир кўрсатиши кутилаётган виза тартиб-таомилларини соддалаштиришга келишиб олдилар”, - дейилган хабарда.
Бундан ташқари, ташриф доирасида Венгриянинг етакчи компаниялари: “KESH”, “Gedeon Rixter”, “Meditop”, “Wizz Air”, “Bonafarm”, “Mall Group” ва “Semmelweis University” раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди ва улар давомида бир қатор аниқ келишувларга эришилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ август ойидан Ўзбекистон ва Венгрия пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри парвозлар бошланиши хабар қилинган эди.