Мирзиёев қатор туман ИИБ бошлиқлари ва прокурорларини ишдан бўшатди

Жиноятчиликка қарши курашишда сусткашликка йўл қўйган 15 та туман ИИБ бошлиқлари ва 5 та туман прокурорлари лавозимидан айрилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 июл — Sputnik.Фарғона шаҳрида Ички ишлар вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Унда президент Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот котиби.
Йиғилишда жиноятчиликни жиловлаш ва аҳоли билан ишлашда сусткашликка йўл қўйганлиги учун бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Валиев, ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ш.Раҳмоновга, маҳаллада профилактика инспекторлари ишини лозим даражада ташкил қилмагани учун, ички ишлар вазирининг ушбу соҳага масъул ўринбосари Б.Абдуллаевга ҳайфсан эълон қилинди ва уч ой синов муддати тайинланди.
Президент барча вилоят прокурорлари ва ИИБ бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари ўзига тегишли хулоса қилмаса, йил якуни билан барчаси лавозимидан озод этилишини айтди.
Шунингдек, жиноятчиликка қарши курашишда сусткашликка йўл қўйган:
Сергели, Янгиҳаёт, Шайхонтоҳур, Ғиждувон, Когон, Тупроққалъа, Тахтакўпир, Томди, Яккабоғ, Олтинсой, Зафаробод, Боёвут, Гулистон, Мингбулоқ, Олтинкўл туманлари ички ишлар бошлиқлари;
Андижон, Бандихон, Бувайда, Нарпай, Юнусобод туманлари прокурорлари эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.