Бош прокуратура Тошкентдаги лифтда вафот этган аёл ҳақида расмий маълумот берди

32 ёшли аёл Мирзо Улуғбек туманидаги кўп қаватли уйнинг лифтига кириб, қайтиб чиқмаган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 июл — Sputnik. 27 июль куни Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани Паркент кўчасида жойлашган кўп қаватли уйнинг лифтида нотаниш аёл ўлган ҳолатда топилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.
Аниқланишича, 24 июль куни соат тахминан 14-50 ларда 32 ёшли аёл юқорида кўрсатилган манзилдаги кўп қаватли уйнинг лифтига кириб, қайтиб чиқмаган.
26 июль куни марҳуманинг яқин қариндошлари ички ишлар идорасига бедарак йўқолганлиги юзасидан хабар берган.
Текшириш давомида уй яшовчилари бу лифт бир неча кундан буён ишламаётганлиги, олдин ҳам ишламай қолиши ҳолатлари кўп маротаба бўлганлигини айтишган.
Шифокорларнинг дастлабки тиббий маълумотномасига кўра, марҳуманинг ўлимига юракнинг ишемик касалиги, ўткир юрак, қон-томир ва нафас етишмовчилиги сабаб деб кўрсатилган.
“Жамоатчиликда ушбу воқеа бўйича билдирилаётган тахминлар терговга қадар текширув давомида мутахассислар ёрдамида тўлиқ текширилиб, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади”, - дейилади хабарда.