ТОШКЕНТ, 28 июл — Sputnik. Келаётган куз-қиш мавсуми учун аҳоли ва бюджет ташкилотларини кўмир билан таъминлаш май ойидан бошланди ва айни кунларда бу иш ниҳоясига етказилмоқда. Бу ҳақида “Кўмир таъминот” МЧЖ директорининг ўринбосари Фарҳод Хурсанов маълум қилди.
2023/2024 йиллар куз-қиш мавсуми учун бюджет ташкилотларига 491,7 минг тонна, аҳоли учун 1 190,7 минг тонна кўмир маҳсулоти етказиб бериш режалаштирилган.
Айни дамда 26 июль ҳолатига бюджет ташкилотлари 252 минг тонна 2БР маркали кўмир ёқилғиси етказиб берилди. Жумладан, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимига ‒ 193 минг тонна, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимига ‒ 26 минг 400 тонна, Маданият ва туризм вазирлиги тизимига ‒ 1 минг 300 тонна, Спорт вазирлигига ‒ 900 тонна, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимига ‒ 30 минг 100 тонна ва ҳоказо.
Аҳоли истеъмолчиларини кўмир билан таъминлаш ишлари бу гал анча барвақт ‒ 2 июлдан бошланди. 26 июль ҳолатига 85 минг тонна 2 БЗР 25-500 маркали кўмир тарқатилди.
Айни кунларда “Кўмир таъминот” МЧЖга қарашли 89 та ҳудудий кўмир омбори ва 12 та шохобча ишлаб турибди. Улар мавсумга тайёрланган. Аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш ва қулайлик яратиш мақсадида “Кўмир таъминот” МЧЖ томонидан 43 та “ISUSU” 11 та “MAN” русумли юк машиналари ҳамда 62 та автоюклагич жалб этилган.
Аҳоли учун мўлжалланган кўмир маҳсулоти “Кўмир таъминот” МЧЖга қарашли ҳудудий кўмир омборлари ва шохобчалари орқали, ҳудудий МФЙлар томонидан берилган ва маҳаллий ҳокимликлар тасдиқлаган жадвал асосида тарқатилмоқда.
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадини кўзлаб, маҳаллий кўмир нархи ўзгаришсиз қолдирилган, яъни 1 тонна маҳаллий кўмир нархи ‒ 300 300 сўмни ташкил этади. Маҳсулот 2-БЗР маркали бўлиб, фракцияси 0-300 мм дан 25-500 мм гача яхшиланган.