ТОШКЕНТ, 27 июл — Sputnik. Сурхондарёлик 10 ёшли ўқувчи Испанияда ўтказилган халқаро танловда олтин медаль соҳибига айланди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар берди.
Испаниянинг Лорет де Мар шаҳрида 10-13-июль кунлари ёш мусиқачилар ўртасида “Sea sun festival” халқаро танлови бўлиб ўтди. Унда Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳридаги 15-мактабнинг 5-синф ўқувчиси Чарос Абсоатова муваффақиятли иштирок этиб, олтин медаль соҳибаси бўлди.
“У йигирмадан ортиқ давлатдан келган иқтидорли ёш мусиқачилар ўртасида ўзбек миллий чолғу санъатини моҳирлик билан намойиш этди. “Дутор” йўналиши бўйича ўзбек миллий куйларидан “Роҳат” ва “Лазги” попури куйларини ижро этди”, - дейилади хабарда.
Маълумот учун, Чарос дутор чалиш сирларини устози, Халқ таълими аълочиси Муҳаббат Шодиевадан ўрганиш учун Термиз шаҳридан Шерободга қатнайди.