Рублнинг қадрсизланиши туфайли Ўзбекистонга пул ўтказмалари камайиши мумкин — МБ

Ўзбекистонга қарийб 80 фоизга яқин пул ўтказмалари Россиядан келади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 июл — Sputnik. Рублнинг қадрсизланиши туфайли Ўзбекистонга халқаро пул ўтказмаларининг ўтган йилга нисбатан камайиши прогноз қилинмоқда. Бу ҳақда Марказий банк томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар берди Sputnik мухбири.
Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов томонидан қайд этилишича, Ўзбекистонда 2023 йилда пул ўтказмалари 11,5 миллиард долларгача камайиши мумкин.
Ўзбекистонга қарийб 80 фоизга яқин пул ўтказмалари Россиядан келади.

"Биз 2022 йилдаги юқори база эффекти, шунингдек, рублнинг қадрсизланиши туфайли халқаро пул ўтказмаларининг ўтган йилга нисбатан камайишини прогноз қиламиз. Йил охирида биз 11-11,5 миллиард доллар кутмоқдамиз, шундан 80 фоизи Россиядан", деди Нурмуратов.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонга 2023 йилнинг биринчи ярмида 5,2 миллиард долларлик пул ўтказмалари жўнатилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21,2 фоизга камдир.