Ўсиш нуқтаси: президент Олтиариқдаги узумзорларни кўздан кечирди

Пахта ўрнига узум экиш бошланганидан сўнг даромад 10 баравар ошди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 июл — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев 27 июль куни Фарғона вилоятига амлага оширилаётган ташрифи давомида Олтиариқ туманидаги фермернинг узумзорларига ташриф буюрди.
2020 йилда туманда “Хайрулло Баҳром Бойматов” фермер хўжалиги томонидан 75 гектарда узумчилик плантацияси ташкил этилган эди.
Олдинлари бу майдонда пахта экилиб, ўртача 25 центнердан ҳосил олинган. Энди узумнинг нархи билан солиштирганда, бир гектардан даромад қарийб 10 баробар ошган.
Бу ерда “хусайни”, “келинбармоқ”, “ризамат”, “мерседес” каби узум навлари етиштирилмоқда. Улар келгуси йилдан тўлиқ ҳосилга киради ва жами 3 минг тонна узум етиштирилади.
Яна бир муҳим томони, фермер хўжалигида мавсумий юмушлар билан бирга 700 кишининг бандлиги таъминланган. Улар кунига 200 минг сўмгача иш ҳақи олади.
Боғ ёнида 2 минг тонна сиғимга эга бўлган совуткичли омбор қурилган. Бу ерда маҳсулотлар сақланиб, сараланиб, Туркия ва МДҲ мамлакатларига экспорт қилинади.
"Ҳар бир ҳудуднинг “ўсиш нуқталари”ни ривожлантириб, одамларга иш ўрни ва даромад манбаи яратиш - давлатимиз сиёсатининг устувор мақсади. Олтиариқ туманида деҳқончилик шундай таянч соҳа. Бу ернинг одамлари маҳсулот етиштириш ва уни экспорт қилишнинг ҳадисини олган", - дейилади хабарда.
Президент Ўзбекистонда иқлими узумчиликка мос туманлар кўплигини таъкидлаб, уларда ҳам Олтиариқ тажрибасини жорий қилиш, токзорларни кўпайтириш бўйича кўрсатма берди.