Россияда дронларни аниқлаш ва бостириш учун кичик радар яратилди

Россияда дронларга қарши янги радиолокацион комплекс яратилмоқда.У ҳавода ва сув юзасида ҳаракатланувчи дронларни аниқлаши, кузатиши ва бостириши мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 июл — Sputnik. "Росэлектроника" холдинги мини-дронларни аниқлаш ва бостириш имкониятига эга бўлган янги комплекс яратмоқда, деди РИА Новостига “Рыбинск приборсозлик заводи” бош директори Андрей Комогорцев.
"Биз мобил радарнинг биринчи прототипи тайёр бўлгач, бостириш модулини яратиш бўйича ишларни бошладик. Ҳозир у якуний босқичда, жорий йилнинг учинчи чораги охирига қадар биз ҳатто мини-дронларни аниқлай оладиган ва бостирадиган ягона комплексни тақдим этишни режалаштирмоқдамиз”, — деди корхона раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, мажмуа радарлари кичик фуқаролик коптерлари каби энг мураккаб учар объектларни аниқлай олади.

“Биз аниқлаган энг кичик нишонлардан бири бу DJI Mini каби 16х20 см ўлчамдаги дрондир. Станция ҳаракатланаётган дронни 500 метргача ва муаллақ ҳолдаги дронни эса 250 метргача масофада кўриши ва кузатиб бориши кафолатланган, жумладан, зич қурилган шаҳар бинолари орасида ҳам", - деди Комогорцев.

Мини-дронлар, жумладан, ҳарбий мақсадлар учун мослаштирилган фуқаролик учувчисиз қурилмалар ҳам бугунги кунда жанг майдонида ва террорчилик ҳужумларида фойдаланиш имконияти жиҳатидан жиддий хавф туғдирмоқда. Бундай дронлар оддий гранаталарни, зирҳли транспорт воситаларини йўқ қилиш учун кумулятив снарядлар каллакларини олиб юриши мумкин. Бундан ташқари, мини-дронлар разведка ва артиллерия отишмаларида нишонларни аниқлаш учун ишлатилади.
Эслатиб ўтамиз, корхона бироз олдин кичик айланувчи ҳимоя воситаси ишлаб чиққан эди. Оғирлиги 25 килограммдан ошмайдиган портатив кўп функцияли радар муҳим инфратузилмани объектларини, жумладан, денгизда ҳам, дронлардан ҳимоя қилиш учун мўлжалланган.