Қашқадарёдаги айрим хонадонлар илк бор тоза ичимлик суви билан таъминланади

Қарши туманидаги Қоратепа маҳалласида аҳолига ичимлик сув тармоқлари қуриш ишлари бошланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 июл — Sputnik. Қашқадарё вилоятидаги айрим хонадонлар илк бор тоза ичимлик суви билан таъминланади. Бу ҳақда Қарши туман ҳокимлиги хабар берди.
Қарши туманидаги Қоратепа маҳалла фуқаролар йиғинида 8 721 нафар аҳоли истиқомат қилади. Айтилишича, маҳалла аҳлини бир неча йиллардан буён тоза ичимлик суви муаммоси қийнаб келмоқда.
Маҳаллани тоза ичимлик суви билан марказлаштирилган ҳолда таъминлаш мақсадида лойиҳалаш ишлари якунланиб, қурилиш-монтаж ишлари бошланди.

“Қоратепа МФЙдаги сув тарқатиш иншоотини реконструкция қилиш ва аҳолига ичимлик сув тармоқлари қуриш ишларига масъул раҳбарлар ва нуронийлар иштирокида старт берилди”, - дейилади хабарда.

Ушбу лойиҳа орқали қарийб 9 минг нафар аҳоли илк бор марказлашган ичимлик сув билан таъминланади. Шунингдек, ушбу маҳаллага яқин ҳудудларда аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланди.
Ўзбекистонда 2030 йилгача ичимлик суви ишлаб чиқариш ҳажми ошиши кутилмоқда