Халқаро кимё олимпиадаси ғолиблари ва уларнинг устозларига пул мукофоти берилади — вазир

Швейцарияда кимё фани бўйича бўлиб ўтган халқаро олимпиадада ўзбекистонлик мактаб ўқувчилар иккита олтин медал қўлга киритишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 июл — Sputnik. Швейцарияда бўлиб ўтган халқаро кимё олимпиадасида ўзбекистонлик ўқувчилар 4 та медалга эга чиқишди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ўзнинг Telegram-каналида хабар берди.
Цюрих шаҳрида 16-25 июль кунлари ўтказилган 55-халқаро кимё олимпиадада 90 га яқин мамлакатдан 350 нафаргача мактаб ўқувчилари иштирок этган.
Қайд этилишича, ўзбекистонлик ўқувчилар 2 та олтин, 1 тадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритишди.
Ғолиблар:
Олтин - Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси Азизбек Назаров ҳамда Учтепа туманидаги 81-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Абдуллоҳ Маҳмудов;
Кумуш - Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 11-синф ўқувчиси Шаҳзода Ҳакимова;
Бронза - Тошкент шаҳридаги Президент мактабининг 10-синф ўқувчиси Соҳибжон Дилмуродов.
Маълумот учун, Ўзбекистон президентининг 2019 йил 3 майдаги тегишли қарорига мувофиқ, халқаро олимпиадаларда ютуқларга эришган ўқувчилар ва уларнинг устозлари пул мукофоти билан тақдирланади.
Унга кўра, олтин медаль олган ўқувчига БҲМнинг 500 баравари (165 млн сўм), устозига эса 450 баравари (148,5 млн сўм) миқдорида пул мукофотлари берилади. Шунингдек, кумуш медаль учун ўқувчи 300 баравар (99 млн сўм), устози 250 баравар (82,5 млн сўм), бронза медаль учун ўқувчи БҲМнинг 200 баравари (66 млн сўм), устози 150 баравар (49,5 млн сўм) пул мукофоти олади.