ТОШКЕНТ, 25 июл — Sputnik. “Россия темир йўллари” компанияси Россия ва Ўзбекистон ўртасида музлатгичли контейнерларни ташишда 21,4 фоизлик чегирма белгилади. Бу ҳақда РИА Новости компанияга таяниб хабар берди.
“Россия темир йўллари” (РЖД) бошқаруви темир йўлга қўшимча юк ҳажмларини жалб қилиш бўйича тариф қарорларини қабул қилди.
Шундай қилиб, Селятино (Москва вилояти) – Сергели (Ўзбекистон) йўналиши бўйича Канисай чегара бекати орқали, қарама-қарши йўналишда эса – “Озинки” станцияси орқали музлатгичли контейнерларда ташиш учун 21,4 фоиз чегирма белгиланди.
Бундан ташқари, эндиликда енгил автомобилларни Россия бўйлаб ихтисослаштирилган вагонларда Узоқ Шарқдан Москва темир йўли станциясигача олиб ўтиш учун 33,75 фоизлик чегирма Находка ва Уссурийск станцияларидан жўнатиладиган юкларга ҳам татбиқ этилади.
"Қолаверса, йил охиригача Красноярск, Шарқий Сибир ва Трансбайкал темир йўллари станцияларидан Уссурийск станциясигача бўлган вагонларда қоғоз чиқиндисини ташишда 50 фоизлик чегирма бериш тўғрисида қарор қабул қилинди", - дейилган хабарда.