Гуруч нархи ошадими — Қишлоқ хўжалиги вазирлиги жавоби

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги: Ўзбекистондаги барча бозорлар гуруч билан узлуксиз таъминланган ҳамда захиралар етарли.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 июл — Sputnik. Ўзбекистонда гуруч захиралари етарли. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда гуруч нархини ошиб кетиши ҳақида асоссиз хабарлар тарқалди.
"Аҳолини турли ижтимоий тармоқлардаги гуручни нархини ошиб кетиши асоссиз тарғиб қилишидан огоҳ бўлишга, бу фақатгина спекулятив ҳолат ёки гуруч нархини асоссиз оширишга ҳаракатларни амалга оширишга туртки бўлаётганлигини маълум қиламиз", дейилади хабарда.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистондаги барча бозорлар гуруч билан узлуксиз таъминланган ҳамда захиралар етарли.

“Сўнгги 5 йилда Ҳиндистондан Ўзбекистонга жами 232,6 тонна гуруч импорти амалга оширилган. Бу йилда Ҳиндистондан бошқа мамлакатларга гуруч экспортининг тўхтатилиши Ўзбекистонга ўз таъсирини кўрсатмайди”, дея қайд этилган хабарда.

Бугунги кунда Ўзбекистон деҳқон бозорларида гуручнинг 1 кг нархи навидан келиб чиқиб, 11 500 сўмдан 25 000 сўмгача сотилмоқда (ўтган йил мос даврига нисбатан 35,2 % га ўсган).
Бозорларда гуруч қуйидаги нархларда сотилмода:
“Авангард” нави 11 500 – 17 500 сўмгача;
“Аланга” нави 16 000 – 18 500 минг сўмгача;
“Лазер” нави 19 500 – 25 000 сўмгача.
Шунингдек, гуручнинг минимал нархи “Нукус деҳқон бозори” ва “Гулистон деҳқон бозори”да (“Нукус-2” ва бошқа маҳаллий навли гуручлар) 11 500 сўм қайд этилган.
Максимал нарх эса Тошкент шаҳрининг “Фарҳод деҳқон бозори”да 25 000 сўмдан сотилгани кузатилди (“Лазер” навли гуруч). Шу билан бирга, ушбу бозорда гуручнинг минимал нархи 13 000 сўмни ташкил этган.
Таъкидланишича, республика шароитида йилига аҳоли жон бошига ўртача 9,8 кг.дан гуруч истеъмоли талаб этилади. Яъни мамлакат аҳолисини тўлиқ гуруч маҳсулотлари билан таъминлаш учун 353 минг тонна гуруч захираси талаб этилади.
Республика ҳудудларида ўтган йилда 105,8 минг гектар майдонларда шоли экилиб, 516,9 минг тонна шоли етиштирилди. Бу кўрсаткич гуруч ҳисобида 310 минг тоннани ташкил этади. Яъни, аҳоли талабига нисбатан 43 минг тонна кам гуруч ишлаб чиқарилади.
“2023 йилда 53,5 минг тонна гуруч импорти амалга оширилган. Яъни истеъмолга нисбатан 10 минг тонна ортиқча гуруч импорт қилинган”, дейилади хабарда.
Гуруч импорт қилинган давлатлар:
Қозоғистондан 29,3 минг тонна (54,7%);
Покистондан 23,2 минг тонна (43,3%);
Таиланддан 599 тонна (1,1%);
Туркиядан 265 тонна (0,5%);
Хиндистондан 126 тонна (0,2%);
бошқа мамлакатлардан 21,1 тонна (0,02%).
Маълумот ўрнида, Ҳиндистон гуруч экспорти дунёда 1-ўринда бўлиб, умумий жаҳон экспортининг 36,8 фоизини ташкил қилади. Асосий экспорт Африка давлатлари (7,1 млн тн), Хитой (2118 минг тн), Эрон (1245 минг тн), Саудия Арабистони (1012 минг тн) ва бошқа давлатлар ҳисобланади.
Жаҳон бозорида 2023 йил июнь ҳолатига ўртача гуруч нархи 1,93 доллар (22 364 сўм), энг арзон нарх 0,52 доллар (6025 сўм) (Тунис), максимал нарх 4,84 долларни (56 086 сўм) (Сербия) ташкил этмоқда.