ТОШКЕНТ, 25 июл — Sputnik. Тез орада Ўзбекистонда Бирлашган Араб Амирликлари бренди остида меҳмонхоналар иш бошлайди. Бу ҳақда Маданият ва туризм вазирлиги хабар берди.
Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков Rotana Hotels and Resorts (Rotana меҳмонхоналар бошқаруви) корпорацияси директорлар кенгаши аъзоси Ҳусайн ал Новаис билан учрашди.
Хорижлик меҳмон араб давлатларида Ўзбекистон бўйича тарғибот ишлари олиб борилаётган бўлсада, бу қуёшли юртнинг тўлиқ имкониятларини очиб бера олмаётганлигини таъкидлади. Шу боисдан келажакда бу йўналишда ҳамкорлик қилиш масаласини илгари сурди.
Маданият ва туризм вазири Rotana Hotels and Resorts корпорацияси директорлар кенгаши аъзоси билан учрашди
© Пресс-служба Министерства культуры и туризма Руз
Икки томонлама ўтказилган мулоқотлар жараёнида шуйилнинг октябрь ойида Самарқандда ўтказиладиган Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош ассамблиясининг юбилей 25-сессияси доирасида ўтказиладиган тадбирларда корпорациянинг иштироки ва унинг доирасида амалга ошириладиган лойиҳалар муҳокама қилинди.
Маданият ва туризм вазири Rotana Hotels and Resorts корпорацияси директорлар кенгаши аъзоси билан учрашди
© Пресс-служба Министерства культуры и туризма РУз
"Мулоқот якунида Ҳусайн ал Новаис Rotana корпорацияси бренди остида Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида меҳмонхоналар бошқаруви билан шуғулланиш ёки инвестиция киритган ҳолда янги меҳмонхоналарни ишга тушириш таклифини берди", дейилади хабарда.
Шунингдек, хориждан сифатли кадрларни жалб этган ҳолда ўзбекистонлик ёшларни ишга тайёрлаш ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият кўрсатаётганларни дунё бўйлаб Rotana бренди меҳмонхоналарида малакасини ошириш лойиҳалари ҳам ўрганилди.
Томонлар мазкур лойиҳалар бўйича тез кунларда компаниянинг махсус ишчи гуруҳини Ўзбекистонда қабул қилиш ва иш жараёнларига киришиш борасида келишиб олишди.