Дубайдан Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига сайёҳлар жалб этилади

Ўзбекистон Бош консулхонаси Дубайдаги сайёҳлик ширкати билан тарихий шаҳарларга сайёҳларни жалб этиш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 июл — Sputnik. Дубайдан Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига сайёҳлар жалб этилади. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
Дубай шаҳридаги Ўзбекистон Бош консулхонасида Амирликларда фаолият юритувчи “SYSTEM HOLIDAYS” LLC сайёҳлик ширкати мудири Равшан Закиров билан учрашув бўлиб ўтди.
"Учрашувда томонлар сайёҳлик ширкати билан Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига сайёҳларни жалб этиш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олишди", дейилади хабарда.
Тадбирда Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш ва уларнинг талабларидан келиб чиқиб, янги туризм хизматларини ўз ичига олган махсус турпакетлар ишлаб чиқиш бўйича фикр алмашилди.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби кўҳна шаҳарларда саёҳатчилар учун яратилган шарт-шароитлар, ўзбек халқининг тарихи, маданияти, урф-одатлари ва анъаналарини кенг тарғиб этиш, мамлакатга хорижлик сайёҳлар оқимини кўпайтиришдан иборат.